27, 28 ва 29 март кунлари Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинларининг жанговар шайлиги тўсатдан текширилиши муносабати билан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи — Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари автомобиль йўлларида ҳарбий техникаларнинг ҳаракатланиши кутилмоқда, дея хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Мудофаа вазирлиги раҳбарияти мамлакат фуқароларидан автойўлларда бахтсиз ҳодисаларга йўл қўймаслик мақсадида ҳаракатдаги колоннага халал бермаслик, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳамда йўл-патруль хизматлари ходимларининг талабларига сўзсиз риоя қилишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини тўсатдан комплекс текшириш жараёнида Шаҳрисабз-Қарши автомобиль йўлида Lacetti автомобили ва ЗИЛ-131 ҳарбий юк машинаси тўқнашиб кетган эди. Ҳодиса натижасида уч киши ҳалок бўлди, Lacetti автомобилининг бир йўловчиси жароҳатланди.