Д.Жумаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Навоий шаҳар 3-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси лавозимида ишлаб келиб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқаро С.Олимовнинг вояга етган қизи Г. Олимовани боғчага жойлаштириш учун навбатни тезлаштириш эвазига 1.000.000 млн. сўм тама қилган. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди судьяси Маъмуржон Қодировнинг ЎзАда эълон қилинган мақоласида сўз боради.

Мудира 2018 йилнинг 12 октябрь куни соат 13:00 ларда хизмат хонасида 100.000 сўмни олиб, 19:00 ларда ўзи истиқомад қиладиган уй олдида қолган 900.000 сўмни олган вақтида Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд амалдаги Қонун талабидан келиб чиқиб, унинг ёшини, муқаддам судланмаганлигини, шунингдек, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раисининг кафиллик хатини эътиборга олиб, жазо тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2019 йил 5 мартдаги ҳукмига кўра, Д.Жумаева Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди.

Мудира 1 йил 6 ойга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.