Айни пайтда йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси томонидан синов тариқасида метро бекатларида бепул, тезлиги 512 Кбит/с бўлган Wi-Fi ўрнатилган (ички ресурсида).

Ҳозирги кунда «Алишер Навойи» ва «Пахтакор» бекатларида ушбу тизим фаолият кўрсатмоқда. Мазкур хизматдан ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг уяли алоқа операторининг абонентлари бўлган йўловчилар авторизациядан ўтгандан кейин (СМС-коди орқали) фойдаланиши мумкин.

Айни пайтда пойтахтдаги барча метро бекатларида интернетга бепул Wi-Fi технологияси орқали уланишни кенгайтириш бўйича ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа «Independent Telecom innovations» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Яна бир эътиборга молик жиҳат, синов тариқасида «Бодомзор» ва «Мустақиллик майдони» бекатларида жорий қилинган электрон тўловлар тизими бошқа бекатларда ҳам кенг жорий қилинади. Унда замонавий автоматлаштирилган тўлов тизими, яъни NFS дастурини ўрнатиш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳага кўра, уяли алоқада мавжуд бўлган ҳисоблардан ҳам тўловларни амалга ошириш мумкин.