Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида 26 март куни Дубай шаҳрида БАА вице-президенти, бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан «Заабил» саройида бўлиб ўтган учрашувининг асосий мавзуси бўлди.

БАА вице-президенти, бош вазири Шавкат Мирзиёевни самимий қутлаб, кеча Абу-Дабида мамлакатларимиз ўртасида эришилган келишувлардан мамнун эканини таъкидлади. Дубай амири ўз тараққиётининг янги босқичига чиққан Ўзбекистон билан кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев кўрсатилган меҳмондўстлик ва истиқболли қўшма лойиҳалар қўллаб-қувватланаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари, жумладан, Дубай амирлиги билан дўстликка асосланган муносабатларни мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этди.

Ишонч руҳида ўтган суҳбатда қатор соҳаларда шериклик ва тажриба алмашишни кенгайтириш йўллари, турли даражаларда янги алоқалар ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралардан сўнг имзоланган ҳужжатлар билан алмашиш маросими бўлиб ўтди. Қўшма инвестицион компания ташкил этиш тўғрисида шартнома, Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий агрокластер ташкил этиш тўғрисида битимлар, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича икки томонлама ҳужжатлар шулар жумласидан.