Тошкент ИИББ ЙҲХБ автомобилларига ўрнатилган AutoCon-SC/M мажмуаси эндиликда Йўл ҳаракати қоидаларининг 3.27 («Тўхташ тақиқланган») белгиси амал қилувчи ҳудудда тўхташ кўринишидаги қоидабузарликларни автомат равишда қайд эта бошлайди. Янгиланган тизимни 25 мартдан синовдан ўтказиш бошланди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Қоидабузарликлар махсус автомобил кўчалар бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда қайд қилиб борилади. Маълумотлар онлайн равишда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг компьютер тизимига келиб тушади. Тизим 58 мамлакат давлат рақамларини аниқлаш хусусиятига эга.

ИИББдан аниқлик киритилишича, патруль автомобили участкадан 5 дақиқалик фарқ билан ўтади. Биринчи марта рақам қайд этилади ва ҳайдовчи потенциал қоидабузар сифатида кўз остига олинади. Иккинчи марта эса ҳайдовчиси қоидабузар ҳисобланмаган, масалан, автомобиль пиёдани ўтказиб юборган ёки носозлик сабабли тўхтаган (тизим фарқ қиладиган авариявий тўхташ белгиси қўйилиши керак) автомобилларни ўчиради.

Қоидабузарлик тўғрисида қоидабузар манзилига юборилган хат ёки 8860 рақамига рақам белгиси ва қисқа оралиқ билан техпаспорт рақамини юбориш (масалан, 01A123AA AAC1234567) орқали билиш мумкин. Кирувчи SMS нархи — 210 сўм (фақат UMS, Ucell, Uzmobile ва Beeline абонентлари учун).

3.27 белгиси остида тўхтаганлик учун жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128/6-моддасига кўра энг кам иш ҳақининг 3 баробарини (608190 сўм) ташкил этади.

Камера қоидабузарликни қайд этиши билан уни маълумотларни қайта ишлаш марказига юборади, автомобиль ҳайдовчисига эса техник кўрикдан ўтказиш ёки машинани сотиш муносабати билан бошқа шахс номига ўтказишни тақиқлаш каби бир қатор чекловлар ўрнатилади. Жарималар тўланиши керак бўлган 60 кун ўтиши муносабати билан AutoCon-SC/M автомат равишда маълумотни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига юборади, транспорт воситаси эса жарима майдончасига жойлаштирилади.

Тизим синови якунига етганидан сўнг 3.28 «Тўхтаб туриш тақиқланган» белгиси ўрнатилган участкаларда қоидабузарликни қайд этиш бошланади. Патруль автомобили участкадан 10 дақиқадан сўнг қайта ўтади ва агар автомобиль рақами такрор ёзилса, тизим қоидабузарликни қайд этади.