Ўзбекистонда 2021 йилга қадар сил инфекциясига қарши курашга 118 млрд сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Тошкентда Халқаро силга қарши кураш куни муносабати билан ўтказилган анжуманда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.

Унинг қайд этишича, бугунги кунда дунёда ҳар йили 1,5 млн киши ушбу хасталикдан вафот этмоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳар 100 минг аҳолидан 42,9 киши силга чалинган бўлиб, ўлим кўрсаткичи 1,6 тани ташкил этади.

Ўзбекистонда илк бор силнинг кўплаб дори воситаларига чидамли шаклларига (МЛУ-ТБ) қарши курашда фойдаланиш учун антибиотикларнинг янги синфи жорий этилди. Самарқанд ва Тошкентда МЛУ-ТБни даволаш бўйича тўққиз ойлик курс амалга жорий этилган.

Фтизиатрия ва пульмонология маркази директори Наргиза Парпиеванинг қайд этишича, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб силнинг дориларга чидамли шаклини даволашнинг тезлаштирилган услуби жорий этилмоқда. Мазкур лойиҳа 2013 йилда Қорақалпоғистонда «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бугун дастур бошқа ҳудудларда ҳам жорий этишга ЖССТ ҳам қўшилди.

Наргиза Парпиеванинг қўшимча қилишича, президент қарори билан 2019/2020 ўқув йилидан Тошкент тиббиёт академиясида, сўнгра мамлакатдаги барча тиббиёт ОТМларида клиник ординатура ва магистратура таълимида пульмонология ва фтизиатрия кафедраларида ўқиш тўлиқ бюджет асосида амалга оширилади.