Россиянинг «ЭКО-культура» агросаноат холдинги 2019−2022 йилларда Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида иссиқхона мажмуасини барпо этади. Лойиҳанинг умумий қиймати 300 млн евродан зиёдроқни ташкил этади, дея хабар қилди «Ўзбекозиқовқатхолдинг» матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Матбуот хизматининг маълум қилишича, лойиҳанинг биринчи босқичида августда 50 гектарлик майдонда помидор етиштириш бўйича юқори технологияли иссиқхона қуришга 40 млн еврога яқин маблағ сармоя киритиш режалаштирилмоқда. ASP ASIA хорижий инжиниринг компанияси лойиҳанинг бош пудратчиси ҳисобланади.

Келгуси уч йилда 300 гектардан ортиқроқ майдонда 3,2 млн кв м иссиқхонани фойдаланишга топшириш режалаштирилган. «Компания бир гектар майдондан Россиянинг йирик савдо тармоқларига тўғридан-тўғри етказиб бериш учун йилига 400 тоннадан ортиқ помидор ҳосилини олишни режалаштирмоқда», — дея қайд этди матбуот хизмати.

«ЭКО-культура» ўзининг Ставрополь ўлкасидаги ишлаб чиқариш мажмуаси базасида ўзининг синов лойиҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш учун махсус ўқув-тажриба курсини тайёрлаб қўйди, дея қўшимча қилди «Ўзбекозиқовқатхолдинг».