Бугун — 26 март куни Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг навбатдаги оммавий сайёр қабули Ургут туманида ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг расмий сайтида хабар берилди.

Сайёр қабулда вилоят ҳокими билан бирга учта сектор раҳбари, вилоятдаги бошқарма ва идоралар бошлиқлари ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Сайёр қабулда 330 нафар фуқаронинг мурожаатлари қайд этилди. Барча масалалар бирма-бир тингланиб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар бириктирилди. Мурожаатларнинг аксариятини сув, электр таъминоти, йўл, тиббий хизмат кўрсатиш масалалари ташкил этди.

Сайёр қабулда масъулларга топширилган масалаларнинг ижроси 1 апрель куни муҳокама этилиши белгиланди.

Шунингдек, қабул чоғида ҳудудда меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, фуқароларга тумандаги 11 та корхонада мавжуд 195 та бўш иш ўринлари таклиф этилди.

Туман давлат хизматлари маркази ходимлари эса шу ернинг ўзида 74 нафар фуқарога турли давлат хизматларини кўрсатди. Жумладан, 31 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жой биносига эгалик ҳуқуқи тасдиқланди. 12 нафар мурожаатчининг фарзандларига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилди.

Эркинжон Турдимов 28 март куни Каттақўрғон туманида, 30 март куни эса Қўшработ туманида оммавий сайёр қабуллар ўтказиши кўзда тутилган.