Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлиги томонидан «Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Анжуманда халқ таълими тизимида ўқитувчиларнинг мавқеини ошириш, қоғозбозликни камайтириш, қўшимча педагогик юкламаларни тартибга солиш, ўқитувчиларга тегишли шарт-шароитларни яратиш каби масалалар хусусида сўз бормоқда.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, соҳага 13 мингдан ортиқ эркак ўқитувчи қайтди. Шунингдек, 37 мингдан ортиқ олий маълумотли мутахассис ўз соҳаси бўйича ишга қайтганини эътироф этди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўқитувчи мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳаси жойлаштирилган.

Ушбу қонуннинг мақсади ўқитувчилик фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақомини тўлиқ ифодалашни назарда тутади. Шунингдек, унинг касбий фаолияти, ижтимоий-иқтисодий мавқеи, ижтимоий ҳимоя кафолатларини жорий этишни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишдан иборат.