Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида қимматбаҳо металлар бўйича биринчи келишув тузилди, дея хабар қилди биржа матбуот хизмати. Қимматбаҳо металлар Олмалиқ кон-металлургия комбинати омборларидан етказиб берилади.

18−20 март кунлари бўлиб ўтган савдоларда 46,5 кг кумуш 192,6 млн сўмга сотилди. Кумушнинг ҳафталик биржа котировкаси 1 гр учун 4142,56 сўмни ташкил этди. Савдоларда кумушни қайта ишлаш қувватларига эга саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилари иштирок этди. Биржа савдоларида сотилган қимматбаҳо металлар экспортга чиқаришга мўлжалланмаган.

Ҳозирда ички биржа бозорида 500 гр дан бўлган Ag-1 маркали кумуш ва 100 гр оғирликдаги Au-1 маркали олтин ёмбилари сотувга чиқарилган.

Кунига 15,5 минг гр кумуш ва 2,6 минг гр олтин савдоларга чиқарилмоқда. Қимматбаҳо металларнинг бошланғич баҳоси Лондон қимматбаҳо металлар ассоциациясининг эрталабки сўнгги фиксинги асосида Ўзбекистон миллий валютасида белгиланмоқда.

Қимматбаҳо металларни савдо биржасида сотиш тартиблари тўғрисидаги низом март бошида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган эди.