Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокида «Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» нашри хабар берди.

Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов сўзга чиқиб, жамиятда ўқитувчининг мақомини юксалтириш, мавқеини ошириш, ижтимоий таъминланганлик даражасини кўтариш, ўқитувчини ўз хизмат вазифасидан ташқари ишлардан озод қилиш сингари соҳаларда амалга оширилаётган ишлар хусусида айтиб ўтди.

«Давлатимиз раҳбарининг энг биринчи қарори ҳам ўқитувчининг мақомини оширишга қаратилган эди, — деди Халқ таълими вазири. — Вақти келиб, жамиятда ўқитувчининг мавқеи бундан ҳам юксалади. Президентимиз ҳар бир видеоселекторда ўқитувчилар ҳақида албатта гапириб ўтади, „Уларнинг ойлигини 1000 долларга чиқармагунча тўхтамаймиз“, деб кўп айтади. Насиб қилса, албатта, шу даражага борамиз», — деди Шерзод Шерматов.