Ўзбекистон Президенти халқ қабулхонаси томонидан пойтахтда ташкил этилган оммавий қабул жараёнида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродовнинг шахсий қабули ташкил этилди.

Бош прокурор қабулига кирган Ўзбекистон каратэ федерациясининг собиқ раҳбари Нурхон Нафасов каратэни ривожлантириш учун қилган хизматлари ҳақида тўхталиб ўтиши баробарида ўзига нисбатан қасддан айб уюштирилгани, жойи керак бўлгани учун уни қатор муаммоларга дучор қилишганини маълум қилиб, ноҳақ айбловлардан қутилишда ёрдам сўради.

Ўз навбатида, ҳуқуқий идоралар хулосаси бўлмай туриб унинг шаънини ерга уриш мақсадида тарқатилган айбловларга нисбатан Бош прокуратура ўз вақтида муносабат билдиргани учун миннатдорчилик билдирди.

Ушбу масалани Бош прокурор ўз назоратига олиб, ишга алоқадор барча ҳолатларни текшириб, ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.

Уйи олиб қўйилган, еридан маҳрум бўлиб қолган, корхонасидан айрилган, бизнесидан жудо бўлган ўнлаб кишилар ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам сўради. Буларнинг бари, албатта, алоҳида ўрганиш талаб қиладиган, текширув ўтказилиши шарт бўлган масалалар ҳисобланади. Шунинг учун барчаси назоратга олиниб, тегишли масъул шахсларга қонуний ҳал қилиш учун топширилди.

«Бугунги қабулда одамлар асосан қандай шикоятлар билан келган, улар кўпроқ нимадан норози?» деган саволга бош прокурор: «Бугунги қабулга шикоят кўтариб келган фуқароларнинг 90 фоизи суддан норози», деб жавоб берди.

«Шикоятчиларнинг ҳаммаси ҳам ҳақмикин?», деган саволга эса, у «Албатта, ҳаммаси ҳақ, дея олмаймиз», деб жавоб берди.

Қабул давомида прокуратура органларида ишлаётган, лекин қонун нормаларидан, этика қоидаларидан четга чиқаётган айрим ходимлар бўйича шикоятлар тушди. Бундай фактлар Бош прокурорни қаттиқ хафа қилгани унинг бундай ходимлар шахсини зудлик билан аниқлаш, хизмат текшируви ўтказиш ва қатъий чора кўриш бўйича шу ернинг ўзида буйруқ берганидан англаш қийин эмас эди.