Фарғона вилояти марказида яқинда қад ростлаган, Марказий Осиёда ягона бўлган «LISTEM-FERGANA» масъулияти чекланган жамиятида тиббиёт соҳаси учун зарур бўлган 8 турдаги рентген асбоб-ускуналари тайёрланмоқда. Бу ҳақда «Фарғона ҳақиқати» газетаси сайтида хабар берилди.

Жанубий Корея ҳамкорлигидаги мазкур қўшма корхонада 5 миллион АҚШ долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ерда йилига 500 донагача рентген жиҳозлари ишлаб чиқарилади. Йил якунига қадар 100 та ишчи ўрни яратилиши кўзда тутилган бўлиб, бугун 35 нафар фарғоналик бандлиги таъминланди.

Наврўзнинг кунларида янги қўшма корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев «LISTEM-FERGANA» қўшма корхонаси маҳсулотлари «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остида эскпортга йўналтирилиши, мамлакат саноати ривожига катта ҳисса қўшиши билан аҳамиятли бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Келажакда корхонада йиллик ишлаб чиқариш қувватини 900 донага етказиш салоҳияти мавжуд.