«Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун 2019 йил 20 март куни президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қонун билан, солиқ хизмати органларига солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган, шунингдек солиқ ҳисоботи ва молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асосларини белгиланган муддатларда тақдим этмаган ҳолларда банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ваколати берилди (илгари суд тартибида чоралар кўрилган).

Шунингдек, қонун билан давлат органларига тадбиркорлардан ҳужжатларга муҳр босишни талаб қилиш ёки ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлаш тўғрисида талаб қўйиш тақиқланди.

«Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги қонун, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига медиация институтини жорий этиш бўйича нормалар киритилди.

Масалан, Фуқаролик процессуал кодексига киритилган қўшимчага асосан даъво иши юритишда тарафлар биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунга қадар медиатив келишув тузиш орқали ишни тугаллашга ҳақли.

Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексга соддалаштирилган тартибда иш юритиш бўйича алоҳида боб киритилди. Унга кўра, даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан ошмаса, ушбу даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.

Маълумот учун: соддалаштирилган иш юритиш тартибида иш суд муҳокамаси ўтказилмасдан, тарафлар чақирилмасдан ва уларнинг тушунтиришлари эшитилмасдан кўриб чиқилади.