Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Москва педагогика давлат университети ректори Алексей Владимирович Лубков бошчилигидаги делегация қабул қилинди. Бу ҳақда вазирликнинг телеграмдаги канали орқали хабар берилди.

Вазир Иномжон Мажидов Алексей Лубков билан Москва педагогика давлат университети билан тузилган йўл харитасига мувофиқ МДҲга аъзо давлатлар билан ҳамкорликда педагогик кадрлар тайёрлаш, таълим соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Россиялик меҳмонлар юртимизга ташрифи давомида асосий ҳамкори — Тошкент давлат педагогика университетида ҳам бўлиб, бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказишади.

Жумладан, бакалавриат ҳамда магистратура йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинади.