Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани Какайди қишлоғида жойлашган 5-мактабга ўз шахсий кутубхонасидан 82 та китоб совға қилди. Бу ҳақда таълим муассасасидан «Газета.uz"г маълум қилинди.

Ҳукумат раҳбари мактабга 23 март куни ташриф буюрди. Ташриф вақтида у мактаб ходимларидан бирига Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Хожиеванинг асарини тортиқ қилди.

Бош вазир совға қилган китоблар коллекциясидан, жумладан, Чингиз Айтматов, Тоҳир Малик, Хуршид Даврон асарлари ҳам ўрин олган.

19 март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ёш авлод ўртасида китоб мутолаасини тарғиб қилиш масаласи кўтарилган эди.

«Барча раҳбарлар… бош вазирдан бошлаб, туманлар раҳбарлари, барча депутатлар, келинглар, ўзимиз ташаббус кўрсатайлик ва ўзимиз ўқиган тумандаги мактабларга 10−20 тадан китоб совға қилайлик. Ҳамма ҳам китоб ўқийвермайди, бироқ ёшларимизга улар керак», — деди давлат раҳбари.