Хоразм вилояти, Шовот туманининг Туркманистон Республикаси билан чегараси ҳудудига яқин жойда жойлашган, «Уста ҳунарманд» маҳалласида яшовчи фуқароларнинг уй ҳайвонларига 7 март кунидан бошлаб ёввойи ит ҳужум қилиб келаётганлиги аниқланган, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Шовот туман ИИБ томонидан олиб борилган суриштирув давомида ушбу ёввойи ит 2019 йил март ойининг бошидан буён Туркманистон чегарачилари томонидан чегарадаги бетараф ҳудудни қамишзорлардан тозалаш мақсадида ўт қўйилиши натижасида қамишзорлар орасида яшаб келган ёввойи итлар Шовот туман ҳудудига ўтиб, фуқароларнинг қаровсиз қолдирилган уй ҳайвонларига ҳужум қилаётганлиги маълум бўлган.

Жумладан, жорий йилнинг март ойи бошидан буён мазкур ёввойи итлар фуқаро Д.Курбановнинг бир бош эчкисига, фуқаро А.Каримовнинг бир бош қўйига, фуқаро М.Қурязовнинг бир бош қўйига ҳужум қилиб жароҳат етказиб нобуд қилган.

Ушбу ёввойи итларга фуқаро Р.Сабиров томонидан қўлбола усулда ясалган темир қопқон қўйилиши натижасида йил 16 март куни тунги соат 03:00 ларда ёввойи итлардан биттаси қопқонга тушиб ўлган. Қопқонга туширилиб ўлдирилган ёввойи итнинг ранги қорамтир кулранг.

Фуқаро Р.Сабиров ушбу ёввойи итни қопқонга туширган вақтида улар иккита бўлган, ҳайвонларнинг иккинчиси оқ рангда бўлиб, қочиб кетганлигини билдирган.

Ҳозирги кунда юқоридаги ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, шунингдек вилоят овчилар ва балиқчилар жамият томонидан мазкур ёввойи итларни овлаш чоралари кўрилмоқда.