Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Нидерландиянинг Elsevier компанияси 23 март куни олий таълим муассасалари илмий журналлари платформасини яратиш бўйича келишув имзолади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Лойиҳага кўра, Elsevier компанияси республикадаги олий таълим муассасаларининг 41 та илмий журналини ўзида бирлаштирган ноёб платформани яратади. Бу платформада холисона тақриз тизими конфигурацияси (double-blind peer review) қўлланилади, бунда илмий мақолалар муаллифлари ҳамда тақризчилари тўғрисидаги маълумотлар махфий сақланади.

Йель ва Стэнфорд университетлари фойдаланиб келаётган платформа Ўзбекистон илмий журналлари сифатини ошириш ҳамда ўзбек илм-фанининг рақамли архивини яратиш имконини беради.

Ҳамкорлик доирасида илмий журналлар муҳаррирларини тайёрлаш, мувофиқлаштириш ва сертификатлаш ишлари олиб борилади. Нашрларнинг дизайни ва логотипи ишлаб чиқилади, ISSN талаб қилинадиган рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш амалга оширилади ҳамда халқаро талаблар даражасида илмий мақолалар рақамлашган архиви яратилади.