Ҳукуматнинг 2019 йил 22 мартдаги қарори билан Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Низом билан, агентлик фаолиятини ташкил этиш, унинг асосий вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлиги белгилаб берилди.

Агентлик тадбиркорликни фаол ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги йирик лойиҳаларни, шу жумладан, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга ва уларни амалга оширишни ташкил этишга кўмаклашиш учун масъул бўлган ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Стартап-лойиҳалар ташаббускорлари билан ҳамкорлик қилиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, энергия тежамкор ва юқори самарали лойиҳаларни амалга ошириш, агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасида халқаро сифат стандартларига мувофиқ лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюроларини ташкил этишга кўмаклашиш агентлик фаолиятининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Агентликка Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган бош директор раҳбарлик қилади.

Агентлик фаолияти унинг самарадорлиги ва натижадорлиги бўйича мунтазам равишда баҳоланиб борилади.