Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 март куни расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти — Абу-Даби шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.


Аввал хабар қилинганидек, ташриф дастуридан Ўзбекистон президентининг Абу Даби Амирлиги валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ҳамда БАА вице-президенти, бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан учрашувлари ўрин олган.

Музокаралар кун тартибига кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, банк-молия, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги амалий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари киритилган.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.

Ташриф якунида Ўзбекистон ва БАА ўртасида Қўшма баёнотни қабул қилиш, инвестициялар, молия, қайта тикланадиган энергетика, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, божхона маъмуриятчилиги, меҳнат ресурслари, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид икки томонлама ҳужжатларни имзолаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, давлат раҳбари «Масдар-сити» технопарки фаолияти билан танишиши, қатор саноат, ижтимоий ва бошқа объектларга ташриф буюриши режалаштирилган.