24 март куни Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб Тошкент I халқаро ярим марафони ўтказилади, дея хабар қилди ЎзА.

Ўзбекистонда илк маротаба ташкил этилаётган нуфузли спорт анжуманида қарийб бир ярим мингга яқин киши қатнашиш истагини билдирган.

Аввал хабар қилганимиздек, ярим марафон ҳаваскорлар учун 5 километр, профессионаллар учун эса 21 километр масофада ўтказилади. Югуриш Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасидан бошланиб, Афросиёб, Нукус, Абдулла Қодирий, Мустақиллик шоҳ кўчалари бўйлаб метронинг Буюк ипак йўли бекатига, кейин Мирзо Улуғбек, Тараққиёт кўчалари орқали Амир Темур майдони, Ўзбекистон кўчаси, Мустақиллик майдони, Абдулла Қодирий ва Абай кўчаси орқали бошланган жойига қадар бўлган масофада бўлиб ўтади.

Марафон ғолиб ва совриндорлари (1−8-ўринлар) 3 миллиондан 12 миллион сўмгача, 5 кмлик масофада 1−6-ўринлар учун 500 минг сўмдан 2 миллион сўмгача пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Қайд этиш жоизки, марафон пойгасининг умумий узунлиги 42 киломерту 195 метрни ташкил қилади. Бироқ, айни пайтда пойтахтимизда марафон мусобақасини ўтказиш учун халқаро талабларга жавоб берадиган йўл ёки трасса мавжуд эмас. Шу сабабли Тошкентдаги мусобақа ярим марафон шаклида ташкил этилмоқда.