Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги делегацияси Ҳиндистоннинг Нью-Дели, Ҳайдаробод шаҳарларида хизмат сафарида бўлиб, қатор ташкилотлар ва компаниялар вакиллари билан учрашди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Музокаралар натижасида Ҳиндистоннинг The Global Education and Leadership Foundation нодавлат нотижорат жамғармаси билан 7−9 синф ўқувчилари учун уларнинг пешқадамлик ва тадбиркорлик сифатларини ривожлантириш мақсадида SKILLD таълим дастурини жорий этишга қарор этилди. Материаллар бепулга тақдим этилиб, улар ўзбек ва рус тилларига таржима қилинади. Ўқувчиларни ўқитиш сифатини ошириш учун The Global Education and Leadership Foundation, шунингдек, мактаб ўқитувчилари учун малака ошириш курслари ҳам ташкил этади. Жорий йилнинг сентябрь ойида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда битта давлат ва битта хусусий мактабда ушбу дастурни тажриба тариқасида жорий этилади.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари The Global Education and Leadership Foundation билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Тадбиркорлик бўйича глобал мусобақанинг ҳудудий танловини ўтказишга келишдилар. Танлов ғолиблари жорий йилнинг ноябрь ойида Саудия Арабистонининг Эр-Риёд шаҳрида ўтказиладиган шаҳзода Муҳаммад бен Салман томонидан ташкил этилган Тадбиркорлик бўйича глобал мусобақада қатнашиш имконига эга бўладилар. Бундан ташқари танловнинг расмий сайтида рўйхатдан ўтган барча қатнашчилар стартапларни ривожлантириш бўйича материаллардан фойдаланиш ва видео-тренинглар билан танишишлари мумкин.

Тадбирлар графикига кўра, ҳудудий танлов ўтказилиб, ғолиблар май ойида аниқланади, июндан сентябргача стартаплар мукаммаллаштирилиб, акселерация қилинади ва ноябрь ойида Ар-Риёдда мусобақа финалида иштирок этилади. Ҳиндистон томони йирик ташкилотлар, етакчи жаҳон университетларининг вакилларини спикер ва жюри сифатида иштирок этишларини таъминлашга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси билан биргаликда давлат ва хусусий сектор, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Ҳиндистон инновацион форумини ўтказишга келишилди. Ҳар икки мамлакатнинг олимлари, тадбиркорлари, инвесторлари, новаторларини бирлаштирувчи мазкур форум Ўзбекистон-Ҳиндистон ёшлар форуми доирасида ўтказилишини таклиф этилди.


Бундан ташқари, ёшларда инновацион фикрлаш тарзини шакллантириш, инновацион ғояларни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқиш кўникмаларига ўргатиш мақсадида 5−11 синф ўқувчилари учун махсус ускуналар ва технологиялар билан жиҳозланган иш жойлари ташкил қилиш лозимлиги ҳам муҳокама этилди. Гап шундаки, Ҳиндистонни траснформациялаш миллий институти (National Institute for Transforming India — NITI Aayog) вакили вазирлик делегациясини билан Нью-Дели шаҳридаги маҳаллий давлат мактабига ташриф буюриб, уларни мактаб ўқувчиларининг амалий инновацион ғояларни яратиш ва новаторлик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида «нарсалар интернети» шаклидаги махсус технологиялар ва ускуналар билан жиҳозланган лабораторияларни яратишга қаратилган Ҳиндистон ҳукуматининг Atal Tinkering Lab ташаббуси билан таништирди.


Лабораториялар ҳукумат томонидан молиялаштирилади, хусусан ҳар бир мактабга лаборатория ташкил этиш учун 2 млн АҚШ доллари ажратилади. Бу маблағларнинг 15 фоизи таъмирлаш ишларига, 15 фоизи зарур мебель жиҳозларини харид қилишга, 65 фоизи ускуналарга, 5 фоизи ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг лойиҳаларини молиялаштиришга ажратилади. Makerspace — «Ижод ҳудуди» деб аталувчи мазкур лабораториялар 6−11синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, улар дарсдан кейин 1−2 соат вақтларини шу ерда ўтказишади. Ҳиндистон ҳудудида ҳозирда 2 171 та мактаб лабораториялари фаолият юритмоқда ва яна 5400 тасини очиш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, Ҳиндистонни трансформациялаш миллий институти 2015 йили Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ташаббуси билан ҳукумат учун стратегик ислоҳотлар ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ва ўтказиш мақсадида тузилган. Институт томонидан ташкил этилган Atal Innovation Mission қўмитаси якка тартибда меҳнат фаолиятига йўналтирилган инновацион хаблар, стартапларни ривожлантириш учун катталар ва болаларга махсус платформалар тақдим этиш орқали аҳоли орасида инновация ва тадбиркорлик маданиятини ёймоқда.

Мана шу каби лабораторияларнинг Ўзбекистонда ҳам яратилиши мамлакат инновацион экотизимининг ривожланишига ҳисса қўшади. Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан тузилажак бизнес акселераторлар ва инкубаторлар саноат, давлат ва ўқув муассасалалари ўртасида кўприк вазифасини ўтаб, долзарб иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг ечилишига хизмат қилади, инновацион экотизимнинг мактаблардан бошлаб шаклланиши илм-фаннинг турли йўналишлари, ишлаб чиқариш, бизнес соҳаси, таълимга кадрлар етиштириб беришнинг узилмас занжири ҳосил бўлишига олиб келади, дейилади хабарда.