Марказий Осиё футбол ассоциацияси 2019 йил 6 апрель куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтадиган ОФК Конгрессидаги сайловда Шайх Салмон бин Иброҳим Халифа номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Марказий Осиё футбол ассоциацияси таркибига кирувчи Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон футбол ассоциациялари бугун 22 март куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган CAFA конгрессида Шайх Салмон бин Иброҳим Халифа номзодини ёқлаб овоз беришди.

— 6 апрель куни 47 та федерация Осиё Футбол Конфедерациясининг янги президентини сайлаш учун овоз бериш жараёнида иштирок этади. Ушбу сайловлардаги номзодларнинг дастурлари билан танишиб чиқиб, бугунги кунда Осиё футболини нурли келажак сари илдам етаклайдиган муносиб номзод — Шайх Салмон бин Иброҳим Халифа, деган хулосага келдик, — деди CAFA президенти Умид Аҳмаджонов. — Бу киши футбол бошқарувига пастки бўғиндан келганлиги учун ҳам футбол ривожи учун зарур бўлган ислоҳотларни яхши билади. Аввалига ўз мамлакати Баҳрайн футбол федерацияси, кейинчалик Осиё футбол конфедерацияси, қолаверса, ФИФАнинг биринчи вице-президенти сифатида ҳам жуда катта ислоҳотларни амалга оширди.

Бугун Шайх Салмоннинг 6 йиллик фаолиятига тўхталиб ўтишнинг ҳожати йўқ, чунки барчангиз унинг фаолиятини 2013 йилдан бери кузатиб келаяпсиз. Шулардан келиб чиқиб, Марказий Осиё футбол ассоциацияси аъзолари Шайх Салмон 2019−2023 йиллар давомида ҳам Осиё футбол конфедерацияси президенти сифатида ўз ишини давом эттиришини бир овоздан маъқуллашларини маълум қилишади.

Маълумот учун, Шайх Салмон бин Иброҳим Халифа 2013 йил май ойида ОФК президенти этиб сайланганди. У ўтган йил сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган ОФК ижроия қўмитаси йиғилишида навбатдаги ОФК президентлиги учун сайловда яна ўз номзодини қўйишини эълон қилганди.