Инновацион ривожланиш вазирлиги аҳолида сақланаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларни харид қилиб, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондига тақдим этмоқда, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га. Ушбу ҳужжат ва асарлар вазирлик ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан сотиб олинмоқда.

«Жамғарма томонидан 2018 йилда 117 турдаги 158,1 млн сўмлик ноёб ҳужжатлар Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Фондига ўтказилди, — деди Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Бунёд Охунов. — Жорий 2019 йилда эса 161 турдаги жами 417,6 млн сўмлик ноёб қўлёзма ва тарихий манбалар харид қилинди ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Фондига тақдим этилди».


Харид қилинган манбаларнинг тури, фан соҳасига кўра тарих, адабиёт, табобат, ислом қонуншунослиги, ақида, тафсир ва бошқа турли мавзуларга тегишли бўлган китоблар, шунингдек хонларнинг буйруқлари, қозиларнинг юридик ҳужжатларининг оригинал нусхалар ҳам мавжуд.

Тадқиқотчилар, магистр талабаларнинг диссертациялари мавзуси сифатида илмий муомалага киритилади. Лекин оригинал тарихий ҳужжатлар моддий қийматидан ташқари ҳуқуқ, тарих ва исломшунослик соҳалари соҳаларида муҳим тадқиқот манбаси ҳисобланади. Шу мақсадда 120 дан ортиқ оригинал тарихий ҳужжатлар институтнинг «Тарихий ҳужжатлар» коллекциясидан ўрин олди.

Институт фондига қабул қилинган ноёб манбалар сирасига кирувчи Алишер Навоийнинг «Навоий девони», Абдураҳмон Жомийнинг «Нафахот ал-унус», Саъдий Шерозийнинг «Шавқи гулистон», Муҳаммад бин Юсуф Самарқандийнинг «Салоти Масъудий», Бедилнинг «Куллиёти Бедил», Ёқуб Чархийнинг XVI асрга оид «Тафсири Мавлоно Яъқуб Чархий», Муҳаммад Ғаззолийнинг «Кимёи Саодат», Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикмат» каби қўлёзма асарлар адабиёт, тарих, қонуншунослик, исломшунослик соҳаларидаги тадқиқотлар учун муҳим манбалар бўлиб хизмат қилади.


«Оригинал тарихий ҳужжатлар борасида ҳам кутилмаган ноёб тарихий ҳужжатлар аниқланди ва манбалар хазинасига қабул қилинди. Одатда оригинал ҳужжатларнинг бир девонхонага ва қозига тегишли бўлган тўплам коллекцияси камдан-кам учрайди, — деб таъкидлади Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фонди мудири Шарифжон Исламов. — Масалан, Бухоро қозиларидан бўлган Мулло Бадриддин ва Мулло Шарафиддин девонхоналарида расмийлаштирилган, 1320−1330 ҳижрий йилларга тегишли бўлган ҳужжатлар тўплами соҳа мутахассислари учун ноёб тадқиқот манбаси бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, тарихий ҳужжатлар орасида Ҳива хонларидан Абул-Музаффар Саййид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхонга тегишли 5 та оригинал тарихий ҳужжатлар ҳижрий 1250−1270 йилларга (XIX аср бошларига) оиддир».

Юқоридаги қарор қабул қилингунга қадар аҳоли қўлида сақланаётган манбаларни харид қилишнинг молиявий имконияти етарли эмас эди. Натижада, фуқароларда ноёб манбаларни сақлаш бўйича зарур малака ва имкониятнинг йўқлиги боис вақт ўтиши билан улар жисмонан йўқолиб борар эди. Эндиликда Институт «Қўлёзмалар фонди"га қабул қилинган ноёб манбалар халқаро талабларга мувофиқ тарздаги ҳарорат, намлик ва ёруғлик меъёрлари таъминланган ҳолда сақланмоқда.

Харид қилинган манбалар тарихий, бадиий, адабий, диний ва илмий аҳамиятга оид манбалар ҳисобланади. Манбаларни сотиб олиш орқали уларни илмий муомалага киритиш, ёш тадқиқотчиларга тадқиқот манбаси сифатида белгилаш таъминланади, аҳоли қўлида зарарланиш ва йўқолиб кетиш хавфи бартараф этилади, дейилади хабарда.