Пойтахтнинг Шайхонтоҳур ва Сергели туманлари тўртинчи сектор раҳбарлари ташаббуси билан «Обод маҳалла» дастури доирасида тубдан реконструкция қилинган мактабгача таълим масканлари Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ДСБ матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Шайхонтоҳур туманида фойдаланишга топширилган 241-сонли мактабгача таълим муассасаси 1960 йилда қурилган бўлиб, шу кунга қадар мукаммал таъмирдан чиқарилмаган эди. Эндиликда кичкинтойларнинг замонавий таълим-тарбия олиши учун барча зарур шарт-шароит яратилган мазкур болалар боғчаси 150 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олади.


Турли эртак қаҳрамонлари акс этган болалар майдончаси, ошхона, ювиниш хонаси, тиббий пункт, юмшоқ мебеллар жамланмаси, ёзги бассейн ҳамда замонавий ўйин майдончалари кичкинтойлар хизматида. Болажонлар учун кундалик машғулотлардан ташқари, рус, инглиз тили, расм чизиш, рақс тўгараклари ҳам ташкил этилган.

Сергели туманида капитал таъмирдан чиқарилган 564-МТМ эса 110 ўринга мўлжалланган бўлиб, муассасада ўйин майдончалари, мусиқа ва спорт заллари зарур қўлланма ҳамда кўргазмали воситалар билан таъминланган.

Муассасалар очилишига бағишланган маросимларда МТМ тарбияланувчиларига китоблар жамланмаси совға қилинди. Боғча тарбияланувчилари эса иштирокчиларга мусиқий чиқишларини намойиш этди.