Бугунги кунга келиб Ўзбекистондаги оилавий меҳмон уйлари сони 137 га етиб, улардаги жойлар сони 1128 ни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Оилавий меҳмон уйлари ташкил этилган ҳудудлар орасида Самарқанд вилояти етакчи бўлиб 25 та, Қашқадарё вилоятида 22 та, Тошкент вилоятида 22 та, Бухоро вилоятида 16 та, Сурхондарё вилояти 11 та, Тошкент шаҳрида 10 та, Хоразм вилоятида 8 та, Жиззах вилоятида 8 та, Навоий вилоятида 6 та, Қорақалпоғистон Республикасида 5 та, Фарғона вилоятида 3 та, Андижон вилоятида 1 тани ташкил этмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги «Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори кучга киргандан сўнг қисқа муддат ичида ҳудудларда 100 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари очилган. Туризм соҳасидаги жойлаштириш воситаларининг ушбу тури 2018 йилнинг ўзида 4000 мингдан ортиқ хорижий давлат фуқароларини қабул қилган.

Қарорнинг умумий мазмуни ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, дам олиш ва туризм учун шарт-шароитларни яхшилаш, шунингдек, туризм хизматлари кўрсатиш соҳасида янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳолининг бандлиги ва фаровонлигини оширишдан иборат.

Меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили билан бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (сайёҳларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий уй-жой ҳисобланади.