Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Саха Республикасида (Ёқутистон) марказий осиёлик меҳнат мигрантларига қарши митинглар муносабати билан фавқулодда ишчи гуруҳи тузди, дея хабар берди Меҳнат вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.

18 март куни бир неча минг Саха Республикаси аҳолиси меҳнат мигрантларига қарши митингга чиқди. Бунга ёқутистонлик аёлнинг мигрантлар томонидан зўрлангани сабаб бўлган. Россия Тергов қўмитаси уч нафар Қирғизистон фуқаросини айбламоқда. Гумонланувчилар қўлга олинган.

«Триумф» спорт мажмуасида республика раҳбари Айсен Николаев ҳудудий миграция сиёсатини кучайтириш таклифи билан чиққан Якутск шаҳри мэри Сардана Авксентьева аҳоли билан учрашди. Айсен Николаев аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурат туғилса меҳнат мигрантларига нисбатан чекловлар ва бир қатор тақиқлар ўрнатилишини маълум қилди.

Meduza нашри маълумотларига кўра, 18 март куни таксичилик ва сабзавот дўконларида сотувчилик қилувчи мигрантлар ишга чиқмаган. Бошқа мамлакатлардан келиб ишлаётганларга нисбатан таҳдидлар бошланган.

РИА Новостининг ёзишича, Ёқутистон полицияси бошлиғи сабзавот дўконларига қирғин солган шахслар гуруҳи қўлга олингани ҳақида хабар қилиб, шаҳар аҳолисини ташвиқотларга учмасликка ва миллатлараро келишмовчиликларни келтириб чиқармасликка чақирди. Айни вақтда, шаҳар автобусларидан бирида ҳайдовчилик қилувчи мигрантга етти киши ҳужум қилган.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда Саха Республикасида 11250 нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда. Вазирлик ходимлари Ёқутистондаги ўзбек диаспораси вакили Тошпўлат Ёдгоров билан алоқа ўрнатган.

«Тақдим этилган маълумотларга кўра, бугун вазият кескин эмас, ватандошларимиз ҳаёти ва саломатлигига ҳеч ким таҳдид солаётгани йўқ. Шунга қарамасдан, диаспора вакили эҳтиёткорликни йўқотмаслик ва заруратсиз одамлар оммавий тўпланган жойларга бормасликка чақирмоқда», — дейилади хабарда.

Вазият Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги вакили Саиднўмон Мансуров томонидан ҳам назорат остига олинган. Унинг сўзларига кўра, Саха Республикасидаги вазият барқарорлашган.

Саха Республикасида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари кўмак олиш ва ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун Меҳнат вазирлигининг Россиядаги +7 (903) 507-76-67 ва Тошкентдаги +998 (71) 200−06−00 рақамларига қўнғироқ қилишлари мумкин.