2019 йил 20 март куни Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини ташкил этиш тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарор билан Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг (АҚШ) таълим дастурларини амалга ошириш маркази ташкил этилди.

Марказнинг асосий вазифаси ахборот-коммуникация технологиялари, оммавий ахборот воситалари, тадбиркорлик, табиий фанлар ва педагогика соҳаларида халқаро стандартлар даражасида кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.

Марказ олий таълим муассасаси бўлиб, бакалавриат, магистратура босқичларида, малака ошириш, қайта тайёрлаш, шунингдек илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни амалга оширади.

Таълим кундузги шаклда, тўлов-контракт асосида, инглиз тилида амалга оширилади.

2019/2020 ўқув йилидан талабалар қабул қилинади ва битирувчиларга диплом берилади. Қабул квотаси кадрлар эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланади.

Марказда бакалавриатнинг қуйидаги йўналишлари очилади:

бошқарувнинг ахборот тизимлари;

интерфаол рақамли медиа;

медиакоммуникациялар;

график дизайн;

реклама ва маркетинг коммуникациялари;

информатика;

тадбиркорлик;

иқтисодиёт;

халқаро муносабатлар;

бухгалтерия ҳисоби;

Европа тадқиқотлари;

глобал журналистика;

жамоатчилик билан алоқалар;

кино, телевидение ва видео ишлаб чиқарилиши.

Магистратура йўналиши бўйича ҳам 16 та йўналиш очилади. Бизнез бошқаруви, таълим ва инновациялар, менежмент ва лидерлик шулар жумласидандир.