Президентнинг жорий йил 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси томонидан тақдимоти ўтказилган «ЖВМ Кейр & Рисерч» компаниясининг қиймати 19,3 млн. АҚШ доллари бўлган 400 иш ўрни яратиш лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 14 март куни мазкур компания вакиллари 2019−2022 йиллар давомида тиббий клиника ташкил этишни муҳокама қилиш мақсадида вилоят ҳокимлигига ташриф буюрди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Меҳмонларни вилоят ҳокими ўринбосарлари М.Эшматов ва А.Ходжиев кутиб олди.

Ташриф давомида, хорижий меҳмонлар томонидан қиймати 2 млн. евро бўлган 40 та иш ўринли бир вақтнинг ўзида 25 та беморга 24 соат давомида хизмат кўрсата оладиган юрак-қон томир касалликларини даволовчи тиббиёт маркази ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш учун давлат шерикчилиги асосида Гулистон шаҳридаги кўп тармоқли тиббиёт марказига қарашли бўлган бино ва иншоотлар ажратилиши зарурлиги билдирилди.

Шунингдек, мазкур лойиҳани амалга ошириш давомида, маҳаллий шифокорларнинг Польша давлатида компания ҳисобидан 3−4 ойлик ўқув-амалий курсларда малака оширишлари ва Европадан 4−5 нафар малакали шифокор ва 2 нафар шифокор ассистентлари клиника ишларини ташкиллаштириш ҳамда ўқув-семинарлари ўтказиш учун доимий равишда жалб қилиниши маълум қилинди. Музокара сўнгида, компания вакиллари Гулистон шаҳридаги кўп тармоқли тиббиёт марказининг хирургия бўлими фаолияти билан яқиндан танишдилар.