Шу муносабат билан Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида Наврўз байрами арафасида Халқаро кўпкари ва миллий халқ ўйинлари мусобақалари бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил декабр ойида Қашқадарё вилоятига қилган ташрифлари давомида Қорабайир зотли отларнинг довруғинин кенг ёйиш мақсадида Наврўз байрами арафасида Халқаро кўпкари ўйинларини ўтказиш бўйича топшириқ берилган эди.

Халқаро кўпкари мусобақаси 2019 йил 18 март куни Китоб туманининг тоғ ён бағрида жойлашган, сўлим Қайнар қишлоғи ҳудудида бўлиб ўтди. Мусобақа доирасида миллий кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, қўчқор, хўроз уриштириш каби миллий халқ ўйинлари ҳам ўтказилди.

Кўпкари ўйинларида президент соврини учун Марказий Осиё давлатлари, қўшни Афғонистон чавандозлари ҳам от чоптирган кўпкарида шаҳрисабзлик Сирожиддин Жовлиев «Фонар» лақабли оти билан ғолибликни қўлга киритиб, «Chevrolet Lacetti» автомобилини мукофот сифатида қабул қилиб олди.

Кураш мусобақасида эса ғузорлик Шерали Жўраев мутлақ вазн тоифасида ғолиб чиқиб, бош соврин — «Spark» автомобилини қўлга киритди. Шунингдек, кураш бўйича аёллар ўртасида ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Фото: Муродилло Комилов. Кураш мусобақаси ғолиби Шерали Жўраев.

Мусобақада гиламга чиқиб, ғолибликни қўлга киритган полвонлар ҳам, улоқ айирган чавандозлар ҳам туя, той, қорамол, қимматбаҳо маиший техника буюмлари ва пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.

Қайнар қишлоғи яқинидаги кенгликларда Наврўз байрами муносабати билан кўпкари билан бирга кураш, човғон, арқон тортиш ва қўчқор ва хўроз уриштириш каби ўйинлар ҳам ўтказилди.