19 март куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига Осиё каратэ федерациясининг бош менежери Винсент Чен бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, вазирликнинг тегишли бошқармалари бошлиқлари Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раиси Аламжон Муллаев ҳамда федерация бош котиби Камолиддин Ходжиниязов иштирок этишди.

Тадбирда асосий мавзу сифатида каратэ WKF бўйича Ўзбекистонда ўтадиган Осиё чемпионати ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар каратэни Ўзбекистонда оммалаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, спортчиларни нуфузли мусобақаларга тайёрлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида фикр алмашди.

Ойбек Қосимов делегация аъзоларига сўнгги йилларда юртимизда каратэни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериб, Тошкентда Осиё чемпионатини юқори савияда ташкил этиш бўйича барча чоралар кўрилишини маълум қилди.

Ўз навбатида жаноб Винсент Чен ҳам чемпионат олдидан мавжуд шароитлар билан танишиш ва ушбу масала юзасидан музокаралар олиб бориш мақсадида юртимизга келганини таъкидлаб ўтди.

Якунда томонлар жорий йилнинг июль ойида пойтахтимизда Токио Олимпиадасининг лицензиялари ўйналадиган Осиё чемпионатини ўтказишга келишиб олишди.