2019 йил 18 март куни Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйловлар чорвачилик фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига озуқабоп экинлар етиштириш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мажбуриятлари билан берилади.

Ушбу мақсадларда республикада жами 38 минг 49 гектар ер участкалари ажратилади.

Озуқабоп экинлар етиштирувчиларга мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқларини бурғулашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилади.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун 5 йиллик кредитларнинг бир гектарга эквиваленти 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисми бўйича фоиз харажатлари банклар белгилаган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида, бироқ кредит ставкасининг 10 фоизлик пунктидан ошмаган миқдорда қопланади.

Чорва молларини сақлаш (фермалар), энергия манбалари ускуналарини ўрнатиш ва уларни келгусида эксплуатация қилиш учун ер участкалари истисно тариқасида, тўғридан-тўғри туман ҳокимларининг қарорлари асосида берилади. Бошқа ҳолларда аукцион савдолари орқали берилади.

Чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга озуқабоп экинлар етиштириш учун ҳар бир шартли бош чорва мол учун 0,5 гектардан лалми ва яйловлар доимий ёки узоқ муддатли ижарага берилади.

Хўжаликларга сертификатланган юқори сифатли озуқабоп экинларнинг бирламчи уруғлари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан етказиб берилади.

2019 йилда Қашқадарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги барча тоифа хўжаликларда наслчилик, шу жумладан, сунъий уруғлантириш ва сервис хизматлари ташкил этилади.

2022 йил 1 январгача қуйидагилар божхона тўловларидан озод этилди:

томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашёлар:

қувур ва шланглар ишлаб чиқариш учун пигмент ва препаратлар, ПВХ қувурлар;

томчилатиш трубкаси, эгилувчан қувурлар, фурнитура ва фитинглар;

ўз ўқи атрофида айланувчи ва бошқа ёмғирлатиб суғориш тизимининг қисмлари;

ёмғирлатиб суғориш машиналари;

асаларичилар асалари оилаларини қўшни мамлакатларга кўчириши натижасида йиғиб олган табиий асал (республика ҳудудига олиб киришда). Бунда имтиёз битта асалари оиласи бўйича олиб кирилаётган табиий асалнинг 50 килограммдан ошмаган қисмига қўлланилади.

Асаларичиларга баҳор-ёз мавсумида асалари оилаларини қўшни мамлакатларга вақтинча кўчириб чиқариши мумкин.

2019 йил 1 апрелдан бир кунлик жўжаларни экспорт қилишга рухсат этилади.