Ҳиндистонлик дизайнер, Риту Бери бренди асосчиси Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги маданият бўйича туризм элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Деҳлида бўлиб ўтган Ўзбек мусиқаси ва модаси фестивали чоғида эълон қилинди, дея хабар берди Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси «Газета.uz"га.

Риту Бери — Парижда тақдимотини ўтказган биринчи ҳинд дизайнери. Унинг либосларини Николь Кидман, Летиция Каста, Мадхури Дикшит каби кино юлдузлари кийган.

Деҳлидаги фестивалда у маросимлар учун махсус либослар коллекцияси билан иштирок этди.

Риту Бери ўзбек маданияти ва тарихининг мухлиси эканини таъкидлади. Дизайнер яқинда Ўзбекистонга ташриф буюргани, бу мамлакатнинг маданий жиҳатдан Ҳиндистонга яқин экани муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим омил эканини қайд этди. Шунингдек, у Ўзбекистон ҳинд оилалари учун оммабоп сайёҳлик йўналишларидан бири эканини айтиб ўтди.