Ўзбекистон 20 мартдан Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун мамлакат ҳудудига кирганидан 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилди. Президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни бу ҳақдаги фармонни имзолади.

Ўзбекистонга иш юзасидан келадиган БАА фуқароларига бир йиллик кўп марталик визалар Ўзбекистоннинг чет элдаги муассасаларида 3 иш кунида расмийлаштирилади. Бунда Ўзбекистондаги таклиф қилаётган юридик шахснинг Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиш талаби бекор қилинди.

Фармонда қайд этилишича, ҳужжат Ўзбекистон ва БАА ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, Ўзбекистонда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва туризм салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.