Ўтган йил якунларига кўра, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо айланмаси 2017 йилга нисбатан 35 фоизга ўсиб, 12,2 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда ўтган ҳафта жума куни Тошкентда бўлиб ўтган биринчи Марказий Осиё иқтисодий форумида Ўзбекистон бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Элёр Ғаниев маълум қилди.

Шу билан бирга, у Марказий Осиё ичида савдо ҳажми ўта паст, «камтар» даражада эканини қайд этиб ўтди.

«Таъкидлаш жоизки, ҳозирча мамлакатларимиз бир-биридан кўра учинчи мамлакатлар билан кўпроқ савдолашмоқда. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида минтақа давлатлари улуши бор-йўғи 10 фоизни ташкил этмоқда. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам тахминан шундай кўрсаткичлар кузатилмоқда. Шунинг учун ҳукуматимизнинг вазифаси — савдо айланмасини бир неча мартага ошириш, унинг минтақамиз мамлакатлари ўртасида барқарор ўсишини таъминлашдан иборат», — деди бош вазир ўринбосари.

Қозоғистон бош вазири ўринбосари Женис Касимбек ўз мамлакатининг минтақадаги экспорт ва импорт миқдорини ошириш бўйича режалари тўғрисида маълум қилди. Қозоғистон томони Марказий Осиё бозорига етказиб бериши мумкин бўлган металлургия, қишлоқ хўжалиги, кимё, озиқ-овқат, фармацевтика саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқалардан иборат 50 дан зиёд товар турларини етказиб беришни кенгайтиришни ўзи учун таҳлил қилди ва аниқлаб олди.

«[Қозоғистон] узоқ хориждан импорт қилаётган ва қўшнилардан сотиб олиши мумкин бўлган товар позициялари мавжуд», — деди у.

PSG консалтинг компанияси маълумотларига таянган Женис Касимбек Марказий Осиё мамлакатлари ўрта муддатли истиқболда нохом ашё соҳасига 70 млрд доллар жалб қила олишини қайд этди.

«Инвестицион миқёсда бизнинг бешта мамлакат ягона ҳудуд сифатида кўрилади. 70 миллион кишилик бозор эса йирик инвестицион лойиҳалар учун унчалик ҳам катта ҳисобланмайди. Шунинг учун бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз бир-бирига мос келиши ва бирлаштирилиши лозим», — дея қўшимча қилди у.