Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокимига россиялик хоккей юлдузларига квартиралар ажратишни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбари 17 март куни Humo Arena муз саройининг очилиш маросимида маълум қилди.

Мамлакат раҳбари жаҳон спорти юлдузлари Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантиришга ёрдам кўрсатишларига умид билдирди.

«Бу каби мажмуа ва марказларни келгусида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам барпо этамиз. Шу муносабат билан ҳурматли меҳмонларимиз — таниқли спортчилар ва мураббийлар, жаҳон спорти юлдузларига мурожаат қилишни хоҳлардим. Сизнинг ёрдамингиз, билиминзгиз, маҳорат ва улкан профессионал тажрибангизни кутиб қоламиз. Мен ҳозир улар билан учрашувда ҳокимга таниқли спортчи ва мураббийларга яқин келажакда квартиралар ажратишни топширдим. Улар бизга меҳмон сифатида эмас, балки ўз уйларига келгандек ташриф буюрсинлар», — деди президент.

Жума куни Humo Arena мажмуасида Павел Буре, Валерий Каменский, Виталий Прохоров, Алексей Жамнов ва Александр Якушевдан ибора Россиянинг «Легенды хоккея» («Хоккей афсоналари») жамоаси Tashkent City жамоаси билан ўйнади.

Шавкат Мирзиёев Humo Arena юқори малакали спортчиларни тайёрлаш ҳамда Ўзбекистонда йирик халқаро мусобақаларни ташкил этиш, энг муҳими эса ёшларни қишки спорт турларига жалб этишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Видео