Саудия Арабистонида ўтказиладиган Қирол Абдулазиз номидаги «Туялар фестивали» (King Abdulaziz Camel Festival) дастурига биринчи марта «Кўчманчилар олами» (Nomad Universe) халқаро этнофестивали киритилди ва унинг доирасида ўзбек кураши бўйича халқаро турнир ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Турнирда 20 дан ортиқ давлатдан полвонлар мутлақ вазнда ғолибликни қўлга киритиш учун гиламга тушди. Ўзбекистон шарафини жаҳон ва Осиё чемпиони, Индонезияда ўтган Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов ҳимоя қилди.

«Туялар фестивали» бир ой давом этади. Бу ерга ҳар куни 25−30 минг томошабин келмоқда. «Кўчманчилар олами» халқаро фестивали эса 9−19 март кунлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Кураш бўйича турнир фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотган мусобақалардан бири бўлди.

— Кураш бўйича мусобақа фестивалимизга ўзгача руҳ бағишлади, — дейди Жаҳон этноўйинлар конфедерацияси президенти Асхат Акибаев. — Унда 20 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашгани ушбу спорт турининг обрўси халқаро кўламда салмоқли эканидан далолат бермоқда.

— 2018 йил Индонезияда ташкил этилган Осиё ўйинлари доирасида кураш бўйича мусобақалар бўлиб ўтгач, дунёда, хусусан, Осиё мамлакатларида ушбу спорт турига бўлган қизиқиш янада ошди, — дейди Осиё ва Океания кураш конфедерацияси вице-президенти Мирзақули Қурбонов (Туркманистон). — Энди ташкил этилаётган ҳар бир мусобақани дунё полвонлари малака ва маҳорат ошириш учун қулай имконият, деб билмоқда.

Асосий беллашув — финалда Муҳсин Ҳисомиддинов ва туркманистонлик Гилич Жумаев ғолиблик учун куч синашди. Унда бугун жаҳон рейтингида пешқадамлик қилаётган ўзбекистонлик полвоннинг қўли баланд келди.