18 март куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашган ўзбекистонлик спортчилар Ўзбекистонга қайтиб келди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоаси жами 16 та медаль (8 та олтин, 6 та кумуш, ва 2 та бронза) жамғаришга муваффақ бўлди.

АҚШдан қайтган спортчилар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олинди. Тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида Нигора Абдуллаева ҳамда Кумушхон Файзуллаева учтадан олтин медални қўлга киритган бўлса, Турсуной Жабборова битта олтин ва иккита кумуш медаль билан мукофотланди.

Ўз вазн тоифасида иккита жаҳон рекордини ўрнатган ўзбекистонлик Кумушхон Файзуллаева турнирнинг энг яхши атлети деб топилган бўлса, жами 7 та олтин ва 2 та кумуш медалга сазовор бўлган ўзбек қизлари умумжамоа ҳисобида 100 га яқин мамлакат вакиллари орасида энг натижани қайд этишди.

Ушбу баҳсларда йигитлардан Асадбек Наримонов 1 та олтин ва 2 та кумуш медалини қўлга киритган бўлса, Асадбек Нариманов иккита кумуш ҳамда Мирҳосил Мирзабаев 2 та бронза медалига сазовор бўлишди.