Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари уяли алоқа воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига йўл қўйилмади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Ғишткўприк» чегара божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан Ўзбекистонга кириб келган фуқаро Т.Н.нинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда божхона ходимларига маълум қилинмаган, қиймати 14 миллион сўмлик, 14 дона уяли алоқа воситаларни яширинча олиб ўтаётганлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда божхона ходимларида шубҳа уйғотган фуқаро И.Ш. шахсий кўрикдан ўтказилганида, курткасининг ички чўнтаги ва қўл қисмига яшириб олиб, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилмасдан 12,4 миллион сўмлик 11 дона «Samsung Galaxy» номли уяли алоқа воситаларини олиб кираётганида тўхтатиб қолинди.

Фуқаро А.Р. эса божхона ходимлари томонидан шахсий кўрикдан ўтказилар экан, эгнидаги курткасининг ташқи чўнтакларида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда айтилмаган, қиймати 6 миллион сўмлик 4 дона «RedMi 6 Pro» номли уяли алоқа воситаларини қўшни давлатдан ноқонуний олиб кираётганида фош этилди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.