Президент 2017 йил 11 октябрь куни Сочи шаҳрида имзоланган Жиноят ишлари бўйича ашёвий далил ҳисобланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари, ўқотар қурол, унинг асосий қисмлари, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини бериш тартиби тўғрисидаги баённомани тасдиқлагани ҳақида хабар бергандик. Norma.uz сайтида бу тартиб қандай амалга оширилиши ҳақида маълумот берилди.

Бош прокуратура халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан Ўзбекистоннинг масъул ваколатли органи этиб белгиланди. Жиноят иши ёки терговга қадар текширув материаллари иш юритувида бўлган ёхуд судга юборилгунга қадар иш юритувида мавжуд бўлган терговга қадар текширувни, суриштирувни ва дастлабки терговни амалга оширувчи органлар баённома доирасида ашёвий далилларни бевосита бериш ва қабул қилиш билан шуғулланадилар.

Тартиб-таомил қуйидагича амалга оширилади. Ашёвий далиллар сўровнома асосида берилади. Ташиш ваколатли органлар назорати остида амалга оширилади. Қабул қилиш-топшириш санаси, етказиб беришни амалга оширувчи шахсларнинг рўйхатлари, давлат чегаралари орқали ўтказиш пунктлари, ҳаракатланиш йўналишлари, транспорт ва ҳоказо олдиндан келишиб олинади.

Ашёвий далиллар албатта ўраб-жойланади ва уларга махсус ёрлиқ ёпиштирилади. Ташиш учун алоҳида ёки бошқалари билан бирга жойлаштирилади, жўнатувчи мамлакатнинг ваколатли органи томонидан муҳрланади. Ўрами ташқи таъсирлардан ишончли ҳимояни таъминлаши лозим.

Ашёвий далиллар тўғрисидаги ахборот ҳисобга олиш карточкасида қайд этилади. Илова қилинадиган ҳужжатларда ўрамнинг индивидуал рақамлари ва саналари, ташқи кўриниши ва ўрами ҳақидаги маълумотлар, ёрлиқдаги муҳр изи матни кўрсатилган рўйхат бўлиши керак.