«Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамиятида янги 61−931 русумдаги ногиронлар учун махсус купели штаб вагони ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу вагон мижозлар талаб ва истакларига кўра, завод муҳандис-конструкторлари томонидан лойиҳалаштирилди. Вагонда ногиронлиги бўлган шахслар учун бир қатор қулайликларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, вагон ва купенинг кириш қисми, йўлаклар кенгайтирилган. Энг муҳими, ногиронлик аравачасини олиб чиқиш учун махсус кўтарувчи мослама ўрнатилган.

Янги ишлаб чиқарилаётган вагоннинг 60 фоиз бутловчи қисмлари маҳаллийлаштириш дастури бўйича корхонанинг ўзида тайёрланмоқда. Хусусан, иситиш ва совутиш тизимлари, электр бошқарув пулти, юқори ва паст кучланиш махсус электр мосламаси, тележкалар Ўзбекистоннинг миллий маҳсулотларидир.

«Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамоаси шу кунларда ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус вагонларни кўргазмасини Қозоғистон Республикасида ўтказишни режалаштирмоқда. Айни кунда 2 та тайёр маҳсулот мижозларга етказилган.

Эндиликда «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамиятининг халқаро йўналишлардаги поездларида ҳам шу каби жаҳон стандартига мос вагонларни жорий этиш кўзда тутилган.

«Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамиятида шу кунгача 61−907 ва 61−911 моделдаги купе ва платскарт вагонлари экспорт қилинган бўлса, эндиликда уларнинг сони яна биттага ортди.