Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райхон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби давлат хизматчилари учун «Инвестицион лойиҳаларни тайёрлаш ва бошқариш» малака ошириш курсини ташкил этади.

Агентликнинг «Газета.uz"га хабар қилишича, вазирлик, идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмаларининг юқори ва ўрта бўғинлари раҳбарлари малакаси оширилади.

18 март куни малака ошириш курси ўз ишини бошлади. Курс давомийлиги раҳбарлар учун 3 кун ёки 36 академик соат, уларнинг ўринбосарлари учун эса 5 кун ёки 56 соатни ташкил этади.

Май охирига қадар вазифаси инвестицион фаолият билан алоқадор бўлган 336 нафар давлат хизматчиси, жумладан вазирлар, қўмита ва агентлик раҳбарларини қамраб олиш режалаштирилмоқда.

«Масалан, Ички ишлар вазирлиги ходимлари малакаси оширилмайди, чунки уларнинг иши инвестицион фаолият билан боғлиқ эмас», — дея аниқлик киритди агентлик вакили.

Курсларни Германия, АҚШ, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда халқаро иш тажрибасига эга малакали мутахассислар олиб боради.

Курслар доирасида тингловчилар инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва мантиқий тартибга келтириш, лойиҳаларни амалга ошириш тизимларини шакллантириш, инвесторлар учун тақдимотларни тайёрлаш ва ўтказиш қоидалари, лойиҳаларни амалга ошириш вақтида юзага келган муаммоларга ўз вақтида муносабат билдириш каби масалаларни кўриб чиқади.