Халқ таълими вазирлиги «Ўқитувчи мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий акция ташкиллаштирди. Жумладан, пойтахт кўчаларида ҳаракатланаётган жамоат транспортларида ўқитувчи касбини улуғловчи ижтимоий рекламалар пайдо бўлди.Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Халқ таълими вазирлигига жамиятда ўқитувчи ўрни ва мақомини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш топширилган. Улардан бири «Ўқитувчи мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишидир.

Ушбу ҳужжат ўқитувчи фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий алоқаларини белгилайди. Қонун лойиҳасида таълим муассасаларида ўқитувчиларининг ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилишига ҳам эътибор қаратилган.

Мазкур ҳужжат ўқитувчининг ҳуқуқ ва вазифаларини белгилайди. Шунингдек, ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларини тартибга солади.

Қонун лойиҳасида таълим муассасаларида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, шу жумладан, ободонлаштириш, металл парчалари ва чиқиндиларни йиғиш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида мавсумий ишларни ва шу каби бошқа ишларга жалб этишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Қолаверса, ўқувчиларнинг ота-оналари ўқитувчининг ишига асоссиз аралашиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда моддий ва ижтимоий хавфсизлик масалалари, хусусан, ўқитувчиларни рағбатлантириш масалалари ҳам инобатга олинган.