Ҳукумат қарори билан «Ўзстандарт» агентлиги ҳузурида Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарор билан шунингдек қуйидагилар тасдиқланди:

Илмий-тадқиқот институтининг устави ҳамда тузилмаси;

Республикада халқаро, давлатлараро, минтақавий стандартларни ва хорижий мамлакатларнинг стандартларини қабул қилиш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низом;

Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом.

Институт стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш соҳасида давлат илмий муассасаси ҳисобланади.

Республикада халқаро, давлатлараро, минтақавий стандартларни ва хорижий мамлакатларнинг стандартларини қабул қилиш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, халқаро стандартлар давлат стандартлари шаклида, давлат тилида ва стандартнинг асли ёзилган тиллардан бирида қабул қилинади.

Ўзбекистоннинг давлат стандарти қуйидаги ҳолларда халқаро стандартлар билан айнан ўхшаш ҳисобланади:

давлат стандарти техник таркиби, тузилиши ва мазмуни жиҳатидан айнан ўхшаш бўлса;

давлат стандарти техник таркиби жиҳатидан айнан ўхшаш, бироқ, унга таҳририй ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Ўзбекистоннинг давлат стандарти қуйидаги шартларда халқаро стандартга нисбатан ноэквивалент ҳисобланади:

идентификацияланмаган ва уларни киритиш сабаблари тушунтирилмаган техник оғишларни ўз ичига олган;

идентификацияланмаган ва тушунтирилмаган, тузилмасида халқаро стандарт билан оддий таққослашни таъминламайдиган ўзгаришларга эга;

халқаро стандарт талабларининг катта бўлмаган қисмини ўз ичига олган.

Стандартларни қабул қилиш бўйича Агентликка ариза тушганидан сўнг Агентлик беш кунда хорижий мамлакатларнинг розилигини олиш учун сўров юборади.

Қабул қилинаётган Стандарт манфаатдор томонлар томонидан ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади ва ўз таклифларини киритади.

Таклиф билдирилмаса стандарт келишилган ҳисобланади.

Беш кунда агентлик стандартнинг мувофиқлиги ҳақида қарор қабул қилади.

Агентлик қабул қилинган стандартлар реестрини юритади.

Ўзбекистон ҳудудида қабул қилинган Стандартлар тўғрисидаги маълумот агентлик ва институтнинг расмий сайтларида қўллаш ҳақидаги қарор қабул қилингандан сўнг 5 кундан кеч бўлмаган муддатда эълон қилинади.