Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати якунига етди. Халқаро оғир атлетика федерацияси турнир якунларини сарҳисоб қилиб, қизлар ўртасида баҳсларда ўзбекистонликлар энг яхши кўрсаткичга эга бўлганини эълон қилди. Бу ҳақда «Спорт» газетаси бош муҳаррири Мирзаҳаким Тўхтамирзаев АҚШдан Лас-Вегасдан хабар берди.

Ўзбекистон терма жамоасидан тўрт атлет супачага кўтарилди. Нигора Абдуллаева ҳамда Кумушхон Файзуллаева учтадан олтин медални қўлга киритган бўлса, Турсуной Жабборова битта олтин ва иккита кумуш медаль билан мукофотланди.

Жами 7 та олтин ва 2 та кумуш медалга сазовор бўлган ўзбек қизлари умумжамоа ҳисобида энг юксак самарадорликка эришгани таҳсинга лойиқ. Кучли учликдан Туркия (7 олтин ва 4 бронза) ҳамда Мексика (3 олтин, 5 кумуш ва 3 бронза) жой олди.

Лас-Вегасдаги чемпионатда қизлар турниридаги мукофотлар 17 мамлакат вакилларига насиб этди. 9 мамлакат қизлари олтин медаль эгасига айланди.