Қозоғистоннинг «КazаkhExport экспорт-суғурта компанияси» акционерлик жамияти Ўзбекистон бозоридаги ўрнини кенгайтирмоқда — 14 март куни Тошкентда унинг ваколатхонаси очилди. Бу ҳақда ЎзА «Казинформ» халқаро ахборот агентлигига таяниб хабар берди.

«КazаkhExport» офисининг фаолияти асосан Қозоғистон экспортчиларини суғурта соҳасида қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ҳозирги кунда компания дастаги билан қўшни ўлка ишбилармонлари Ўзбекистонга озиқ-овқат, гўшт ва қандолат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарларни етказиб бермоқда.

Янги ваколатхона Ўзбекистонга Қозоғистон экспортини диверсификация қилиш, маҳсулот ва хизматлар турини кўпайтириш, ҳажмини оширишга хизмат қилади.

«КazаkhExport» компанияси билан ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, икки томонлама савдо қатнашчилари бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон компанияларининг экспорт-импорт операцияларини молиялаштиришга банкларни жалб этиш имкониятлари кенгаяди.

Компания бошқаруви раиси Руслан Искаковнинг айтишича, «КazаkhExport» офиси очилиши доирасида «Алоқабанк» ва «Қишлоққурилишбанк» билан ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланган.