Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва илмий-ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра, иқтидорли ёшларни илмий тадқиқотлар соҳасига жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни тубдан жонлантириш, мамлакат илм-фанининг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини таъминлашга қодир бўлган ёш илмий кадрлар корпусини шакллантиришга замин яратиш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда усутувор йўналишлар бўйича янги мактаблар яратиш чораларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар Академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг:

  • Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академиясини ташкил этиш;
  • Ёшлар академиясининг раислигини Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирининг илмий даражага эга ўринбосарларидан бирига юклатиш тўғрисидаги таклифларга розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Ёшлар академиясининг вазифалари этиб белгиланди:

  • вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларни ижодий ва интеллектуал баркамол этиб тарбиялашга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
  • мактаб ва лицей ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ва илмий даражага эга ёш олимлар билан мақсадли ишлашни ташкил этиш;
  • иқтидорли ва илмий-тадқиқотларни бажариш қобилиятига эга ёшларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;
  • ёшларнинг илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш, улар учун турли даражалардаги симпозиум, конференция, давра суҳбатлари каби илмий ва илмий-амалий тадбирларни ўтказиш;
  • ёшларнинг илмий кўникмаларини шакллантириш жараёнига хорижий олим ва мутахассисларни кенг жалб қилиш, улар иштирокида семинар-тренинг ва маҳорат дарслари каби ўқув машғулотларини ўтказиш;
  • иқтидорли ва илмий-тадқиқот фаолиятига лаёқатли ёшлар бўйича ягона маълумотлар банкини шакллантириш ва мунтазам равишда янгилаб бориш;
  • илмий ва инновацион стартап акселератор ва бизнес-инкубаторларни ташкил этиш асосида ёшларни тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш ва уларни касбга йўналтириш чораларини ишлаб чиқиш.

Ёшлар академиясида иқтидорли ёшлар ва ёш олимлар билан ишлаш:

  • умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар ўқувчиларидан давлат мукофотлари соҳиблари ва фан олимпиадалари ғолибларини «Ёш билимдонлар клубига»;
  • олий таълим муассасалари талабаларидан давлат мукофотлари лауреатлари, давлат стипендиялари совриндорлари ҳамда фан олимпиадалари ғолибларини «Бўлажак олимлар клубига»;
  • 40 ёшгача бўлган илмий даража эгаларини «Бўлажак академиклар клуби"га аъзоликка қабул қилган ҳолда, уларнинг илмий-ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга йўналтирилган мақсадли тадбирларни амалга ошириш асосида ташкил этилади.

Ёшлар академияси доирасида ўзининг фаоллиги, эришган ютуқлари салмоғи, иқтидори, илмий салоҳияти билан алоҳида ажралиб турган, илмий тадқиқотлар олиб боришга иштиёқи баланд ёшларни муносиб тақдирлаш учун «Ёш эрудит», «Академик шогирди» ва «Ёш академик» кўкрак нишонлари таъсис этилади.

  • «Ёш эрудит» кўкрак нишони «Ёш билимдонлар клуби"нинг саралаб олинган аъзоларига энг кам иш ҳақининг уч баробар миқдоридаги;
  • «Академик шогирди» кўкрак нишони «Бўлажак олимлар клуби"нинг саралаб олинган аъзоларига энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдоридаги;
  • «Ёш академик» кўкрак нишони «Бўлажак академиклар клуби"нинг саралаб олинган аъзоларига энг кам иш ҳақининг ўн баробари миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан бирга тантанали равишда топширилади.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигида юридик шахс мақомисиз Ёшлар академиясининг Иқтидорли ёшларнинг илмий интилишларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Ўзбекистон Фанлар академияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида 1378 нафар ёш олимлар, докторантлар ва талабаларни бирлаштирган Ёш олимлар кенгашлари фаолият юритмоқда. Ёшлар иттифоқи ҳузурида ташкил этилган Ёш олимлар ассоциациясининг 151 нафар ёш тадқиқотчи ва талаба аъзоларидан 38 нафари илмий даражага эгадир.

Шу билан бир қаторда, илмий-тадқиқот фаолиятига иқтидорли ёшларни жалб этиш натижалари таҳлили, мазкур соҳада қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан:

  • мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш доирасида чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш учун ёш малакали мутахассисларни танлаб олишда ёш олимлар ва иқтидорли ёшларнинг умумий маълумотлар базаси яратилмагани жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда;
  • ёшлар орасидан давлат мукофотлари лауреатлари, республика ва халқаро олимпиадалар ғолиблари билан тизимли ишлар олиб борилмай, уларга фақат қимматбаҳо мукофотлар ҳамда таълим жараёнида белгиланган айрим имтиёзлар бериш билан чекланиб қолинмоқда;
  • иқтидорли ёшлар ва ёш олимларни таниқли олимлар раҳбарлигида илмий-тадқиқот фаолиятида бирлаштирувчи ва илмий мактабларни ривожлантиришга хизмат қилувчи ягона тизим мавжуд эмас. Вазирлик ва идоралар ҳузурида ташкил этилган Ёш олимлар кенгашлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилмаган;
  • Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясини доимий аъзоларини кадрлар заҳираси билан тўлдириш масаласи кескинлигича қолмоқда, академикларни ўртача ёши ҳозирда 77 ёшни ташкил этади.

Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 29 мартга қадар давом этади.