Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари Ўзбекистон ҳудудига товар-моддий бойликларни ноқонуний олиб кирилишига чек қўйишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Вилоятнинг Янгиқўрғон туманида «Янгиқўрғон-Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Ў.А. бошқарувидаги «Нексия-2» русумли енгил автомашина божхоначилар томонидан тўхтатилиб, текширилганда унинг салонида хорижда тайёрланган, 4,8 миллион сўмлик 3 турдаги сифати кафолатланмаган шоколадлар борлиги аниқланди.

Янгиқўрғон туманида ҳаракатланаётган фуқаро А.К. бошқарувидаги «Дамас» русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда эса ушбу автомашина салонида муқаддам қўшни мамлакатдан ноқонуний тарзда олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, қиймати қарийб 22 миллион сўмлик музлатгич ва телевизор тюнерлари каби маиший техника товарлари борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.