Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «Янги конларни очиш, ишлаб-чиқариш жараёнларига замонавий ускуналар ва технологияларни жалб қилиш орқали углеводород қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги «2017−2021 йилларда «Ўзбекнефтгаз» АЖ бўйича минерал хом-ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш Давлат Дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига асосан сўнгги икки йилда 11 нефт ва газ конлари очилиб углеводород хом-ашё захиралари ўстирилди.

Ушбу Дастурга асосан 2019 йилда 2Д ва 3Д сеейсмик-қидирув ишларини ўтказиш, 16 та янги объектни бурғулашга тайёрлаш, 15 та янги майдонда бурғулаш ишларини бошлаш ва 85 та излов-қидирув қудуқларини қурилиш билан тугатиш режалаштирилган. Натижада янги углеводород конларини очиш орқали саноат миқёсидаги табиий газ, нефть ва конденсат захираларини ошириш мўлжалланмоқда.

Ушбу жараёнда Устюрт ва Бухоро-Хива регионидаги қуйи юра ва палеозой ётқизиқларини ўрганиш, 3 минг метрдан ортиқ чуқурликдаги конларни аниқлашга, маълумотларни илмий тахлил қилиш конлар ва истиқболли объектларнинг уч ўлчамли моделларини тузиш орқали геоллогия-қидирув ишларининг самарадорлигини оширишга мўлжалланган замонавий геофизик ускуналарни ишга тушириш каби йшналишларга алоҳида эътибор қаратилади.

Бугунги кунда «Ўзбекнефтгаз» АЖ қарашли корҳоналари томонидан 154 та конда углеводород хомашёси қазиб чиқарилади. Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 9 мартдаги «2017−2021 йилларда углеводород хом-ашёсини қазиб чиқаришни ошириш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори асосида охирги икки йилда янги Бескала, Қуйи Сургиль, Учтепа, Чордарбоза Миркомилқудуқ, Саватли, Шимолий Сузма, Жайрон, Тегирмон, Ғарбий Тегирмон ва Узуншор конлари ўзлаштирилиб, ишга қўшилди ва 148 та янги қудуқлар бурғиланди, 169 та қудуқда капитал таъмирлаш ишлари бажарилиши натижасида қўшимча углеводородларни қазиб чиқаришга эришилди. 2019 йилда 146 та янги қудуқларни бурғулаш, 159 та мавжуд қудуқларда капитал таъмирлаш ишлари ва 7 та йирик технологик қурилмаларни қурилиб ишга қўшиш режалаштирилган.

Шунингдек, мазкур йўналишда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда хам ишлар олиб борилмоқда. Йирик конларни жихозлаш ва ишга қўшиш эвазига мавжуд углеводород қазиб чиқариш ҳажмларни кўпайтиришга эришилди. Масалан, «ЛУКОЙЛ» компанияси билан биргаликда Қандим, Адамташ, Гумбулак конлари ва «Қандим» газни қайта ишлаш комплекси қурилиб ишга туширилди. «New Silk Road» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси билан биргаликда Бухоро вилоятида ва «Natural Gas Stream» қўшма корхона билан Акчалоқ ва Қорачалоқ конлар гуруҳи ишга қўшилиши таъминланди, ҳамда ушбу конларни ишлатиш бўйича энг илғор технологиялар тадбиқ этилди.

Конларни ишлатиш самарадорлигини ошириш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ хорижий йирик «Siemens» (Германия), «Halliburton» (АҚШ), Schlumberger (Швейцария), «Татнефть» ва «Зарубежнефть» (РФ) компанияларни технологияларини жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 5 та нефтгазли (Устюрт, Бухоро-Хива, Ҳиссор, Сурхандарё ва Фарғона) ва 4 та нефть ва газга истиқболли (Хоразм, Ўрта-Сирдарё, Марказий-Қизилқум ва Зарафшон) регионлари ажратилган ҳамда уларда 270 та нефть ва газ конлари очилган.