Ўзбекистон Маданият вазирлиги Қорақалпоғистоннинг қадимий Тупроққалъа ёдгорлигида 5 мартда бошланган консервация ишларини тўхтатишни топширди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Чоршанба куни Facebook ижтимоий тармоғида Айсулув Искандарова томонидан Тупроққалъада қазиш ишлари олиб борилаётгани тасвирланган фотосуратлар эълон қилинган эди.

«Консервация ишлари чоршанба куни тахминан 14:00 дан тўхтатилди. Уларни бошлашдан аввал экспертиза ўтказилиши ва лойиҳавий ҳужжатлар тузилиши, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий ёдгорликлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича бош илмий-ишлаб чиқариш бошқармаси илмий-методик кенгаш билан келишилиши лозим эди. Келишилмаган, шунинг учун маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова шахсан барча ишларни тўхтатишни топширди», — дея қайд этди матбуот хизмати.

Фото: Aysulu Iskanderova / Facebook.

Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган Тупроққалъа жойлашган эрамиздан аввалги II-III асрларда хоразмшохлар қароргоҳи бўлган.